Инсоният яратилиб ер юзида яшай бошлаган пайтлардан тортиб ҳозирги кунимизгача табиатни англашга, яратилишдан мақсад, ва умуман ҳаётдан мақсад не эканини тушунишга ҳаракат қилиб келади.
Шу саволга тўғри жавоб ўлароқ, асрлар оша турли сивилизатсиялар бўйлаб, такомиллашиб борган дин инсоният ҳаётининг шаклланишида бош омил бўлди, тарихий жараёнларда ўз ўрнини кўрсатди. Ёзма манбаларга асосланган динлар борки, уларни ўз эргашувчилари томонидан Илоҳий деб даъво қилинади, яна баъзилари борки, улар фақатгина инсоний тажрибалар асосига қурилган бўлади. Ислом динининг асосий манбаси бўлмиш Қуръон, шу йўлга эргашувчилар- мусулмонлар томонидан тўлалигича Илоҳий деб эътиқод қилинади, ишонилади. Мусулмонлар, ушбу Қуръон бутун башарият учун тўғри йўлни кўрсатиб берувчи китоб, деб ҳам иймон келтиришади. Модомики, Қуръон келтирган хабарлар, йўлланмалар барча замонлар учун таъаллуқли деб эътиқод қилинар экан, дарҳақиқат бу барча даврлар учун мос бўлиши керак. Бироқ, Қуръон бу борада қандай фикрда? Мен ушбу китобчада Қуръоннинг Илоҳийлиги борасидаги Исломий эътиқодотларни замонавий илм-фанда исботланган кашфиётларга кўра холисона таҳлил қилишга ҳаракат қиламан. Дунё сивилизатсияси тарихида мўжизалар сабабият қонуни ва мантиқни ожиз қолдирган даврлар бўлган. Шу ўринда, мўжизанинг умумий таърифини келтирсак, унга кўра, одатий бир шароитда содир бўладиган ҳамда инсон ақлини ожиз қолдирадиган нарсага мўжиза дейилади. Бироқ, биз бирон нарсани мўжиза деб қабул қилишда эҳтиёт бўлишимиз керак. 1993 йилда "Тhе Тimes of India” газетасида бир мақола чиқарилди, унга кўра, Баба Пилот исмли бир роҳиб уч кеча-кундуз давомий ҳолатда бир сув идиш ичида бўлганини даъво қилади. Лекин, мухбирлар ундан ўзининг "мўжизакор ишини” амалга оширган ўша сув идишни текшириб кўришмоқчи бўлишганида, у бунга рухсат бермаган. У ўзининг бу ҳаракатини ҳаспўшлаш мақсадида айтган эди: "Сизлар қандай қилиб чақалоқни дунёга келтирган онанинг қорнини текшириб кўрмоқчи бўласиз?” Шундан аён бўладики, бу ерда "роҳиб” жанобларининг биздан беркитмоқчи бўлган сири бор. Унинг бу даъвоси, бор йўғи, одамлар эътиборини тортиш мақсадидаги бир қаллобликдан бошқа нарса эмас. Аниқки, замон билан ҳамнафас, тўғри фикрлай оладиган ҳеч бир киши бунақанги "мўжизалар”га алданмайди. Ўйлаб кўрайлик, агар шунақа соҳта мўжизаларга Илоҳий деб ишонилаверса, дунёдаги барча машҳур сеҳргар –кўзбўямачиларни, усталик билан қилаётган фокуслари-ю алдовлари сабабидан, ҳақиқий Худо-одам деб тан олишга тўғри келарди! Бирон китобнинг Илоҳий эканини даъво қилишлик, бу Мўжиза эканини даъво қилишлик билан баробардир. Бундай даъвони ҳар қандай замонда ўша пайт меъёрлари орқали қийинчиликсиз текшириб кўриш имкони бўлиши керак. Мусулмонларнинг эътиқодича, Қуръон –бу Аллоҳ инсониятга юборган диний таълимотларнинг охирги ва якунловчи қисмидир, мўжизалар мўжизасидир ва инсоният учун раҳмат этиб нозил қилингандир. Шундай экан, келинг бу эътиқодни замонавий илмга қанчалик мувофиқлигини ўргансак.
Қуръоннинг даъвогарларга қўйган талаби
Адабиёт ва шеърият ҳамиша барча маданиятларда инсонлар учун ўз фикрларини ифодалаш ҳамда янги ғояларни илгари суриш воситаларидан, деб ҳисоблаб келинган. Бутун дунё гувоҳи бўлганки, бир пайтлар адабиёт ва шеърият, ҳудди бугунги кундаги илм-фан ҳамда технология ривожлангани каби, ўз чўққисига чиққан. Ҳаттоки, мусулмон бўлмаган олимлар ҳам, Қуръонни араб адабиётининг юксак намунаси – араб адабиётининг ер юзидаги тенгсиз мисоли сифатида эътироф этганлар. Қуръон, уни Худо ҳузуридан эканини рад қилувчи инсонлардан шунга ўхшаш нарса келтиришларини талаб қилади: " Ва агар бандамизга туширилган нарсамизга шакингиз бўлса, унга ўхшаш бир сура келтиринг ва рост сўзловчилардан бўлсангиз, Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг. Бас, агар қила олмасанглар, ҳеч қачон қила олмайсизлар ҳам, ёқилғиси одамлар ва тош бўлган, кофирлар учун тайёрланган ўтдан қўрқинглар.” (Қуръон 2:23-24) Қуръон инсонлардан ундаги сураларга ўхшаш бўлган ақалли битта сура келтиришларини талаб қилмоқда. Ҳудди шу талаб Қуръонда бир неча жойда такрорланади. Гўзалликда, балоғатда ва пурмаъноликда Қуръоний сурага ўхшаган бирор бир сура келтириш борасидаги ушбу талабга бугунги кунгача ҳеч ким жавоб бера олмаган. Шундай бўлсада, замонамизнинг ҳеч бир ақлли одами, шеъриятнинг энг олий кўринишида дунёни ясси, теп-текис, деб тасвирлайдиган диний китобни ҳеч қачон қабул қилмайди. Бунинг сабаби шуки, биз ҳозирда яшаётган давр –бу инсон онги, логика ва илм-фанга урғу катта қўйилган даврдир. Қуръоннинг олий даражадаги балоғатини, гўзал тилда ёзилганини Илоҳий эканига далил деб қабул қиладиганлар кўп эмас. Илоҳий ваҳий асосида нозил бўлганини даъво қилётган ҳар қандай китоб ўзининг мантиқийлиги ва сабабият қонунига мувофиқлигига кўра ҳам қабул қилиш мумкин бўлиши керак. Машҳур физик, Нобел Мукофоти совриндори Алберт Эйнштейн айтган эди: "Илм динсиз оқсоқдир. Дин илмсиз кўрдир.” Шундай экан, Қуръонни ўрганиб замонавий фан билан қанчалик мувофиқ келиш ёки келмаслигини таҳлил қилсак. Қуръон илмга бағишланган китоб эмас,балки, белгилар, ишоралар, аломатлар, мўжизалар, яъни, бир сўз билан айтганда, оятлардан иборат китобдир. Қуръонда олти мингдан ортиқ оят бўлиб, улардан мингдан кўпроғи илмнинг асослари ҳақида баҳс юритади. Бизга маълумки, кўп ҳолларда илм "У” шаклидаги йўналиш тарзига эга бўлади (яъни, аввал илгари сурилган фикр нотўғри бўлиб чиқади). Ушбу китобда камина фақат илмий исботланган фактларга мурожаат қилганман, ҳар хил фаразларгагина асосланган илмий жиҳатдан ҳеч бир асосга эга бўлмаган гипотеза ва назариялар эътиборга олинмаган.
АСТРОНОМИЯ
ОЛАМНИНГ ЯРАТИЛИШИ: "УЛКАН ПОРТЛАШ” (БИГ БАНГ)
Оламнинг яратилишини астрофизиклар кўпчиликка маълум ва машҳур – "Улкан Портлаш” ҳодисаси орқали тушунтиришади. Астрономлар ҳамда астрофизиклар томонидан ўнлаб йиллар давомида тўпланган кузатиш ишлари ва тажрибалардан олинган натижалар ҳам шунга далолат қилмоқда. "Улкан Портлаш” ҳодисасига кўра, бутун олам дастлаб улкан масса (Бирламчи Туманлик) бўлган. Кейинчалик, "Улкан Портлаш” (Иккиламчи Ажралиш) содир бўлган, натижада Галактикалар юзага келган. Булар кейинроқ яна бўлиниб, юлдузлар, планеталар, қуёш, ой ва ҳоказолар пайдо бўлган. Оламнинг асли мислсиз, яъни илгари унга ўхшаши бўлмаган бўлиб, унинг "тасодифан” содир бўлганлик эҳтимоллиги нолга тенг. Қуръонда оламнинг асли қандай бўлгани борасида қуйидаги оят бор: "Куфр келтирганлар осмонлару ер битишган бўлган эканини, бас, Биз уларни очганимизни… билмайдиларми?” (Қуръон 21:30) Қуръон ояти ҳамда "Улкан Портлаш” ҳодисаси ўртасидаги ақл бовар қилмас ўхшашликни кўринг! 1400 йил илгари Араб саҳроларида пайдо бўлган бир китобда қандай қилиб бундай илмий ҳақиқат келтирилган бўлиши мумкин?!
ГАЛАКТИКАЛАР ЯРАТИЛИШИДАН ИЛГАРИ ГАЗ МАССАСИ БЎЛГАНИ
Олимларининг эътироф этишларича, оламда галактикалар шаклланишидан олдин, осмон материяси дастлаб газ ҳолатида бўлган. Қисқача айтганда, галактикалар шаклланишидан илгари улкан газ материяси ёки булутлар мавжуд эди. Осмоннинг дастлабки материясини, яъни нимадан таркиб топганини тушунтириш учун газ сўзидан кўра "тутун” сўзи кўпроқ мос келади. Қуръоннинг қуйидаги ояти оламнинг ушбу ҳолати ҳақида бўлиб, ундаги духаан сўзи тутун деган маънони билдиради. "Сўнгра тутун ҳолидаги осмонга юзланиб, унга ва ерга: «Икковингиз ихтиёр қилган ҳолингизда ёки мажбур бўлган ҳолингизда келинг! » деди. Икковлари: «Ихтиёр қилган ҳолимизда келдик», дедилар” (Қуръон 41:11) Яна, ушбу факт "Улкан Портлаш” ҳодисасининг мантиқий хулосасидир, шунингдек, бу Муҳаммад (сав) пайғамбарликларидан илгари ҳеч кимга маълум нарса эмас эди. Шундай бўлса, қизиқ, бу билимнинг манбаси нима бўлиши мумкин?!
ЕРНИНГ ШАР ШАКЛИДА ЭКАНИ
Қадимги даврларда инсонлар ерни ясси деб билганлар. Кўп асрлар узоқ жойларга сафар қилишга журъатлари етмаган, улар ер тугаб қолиб пастга қулашдан қўрқишган! Сер Франсис Дреик ерни шар шаклида эканини исботлаган биринчи киши эди, у бу ишини 1597 йил ерни кемада айланиб чиққанидан сўнг бажарди. Кеча ва кундузни алмашиб туриши ҳақидаги қуйидаги Қуръоний оятга эътибор беринг-а: "Аллоҳ кечани кундузга киритишини ва кундузни кечага киритишини… кўрмадингми?!” (Қуръон 31:29) Ушбу оятнинг маъноси: кеча секин-аста ва босқичма-босқич кундузга ўзгаради ва аксинча. Бу ҳодиса ер шар шаклида бўлганидагина содир бўлиши мумкин. Агар ер ясси бўлганида эди, кечанинг кундузга ва кундузнинг кечага ўзгариши бир лаҳзадаёқ амалга ошган бўларди. Қуйидаги ояти карима ҳам ернинг шар шаклида эканига ишора қилади. "У осмонлару ерни ҳақ ила яратган, кечани кундуз устига ўрайдиган, кундузни кеча устига ўрайдиган… зотдир.” (Қуръон 39:5) Ушбу оятда "ўрамоқ” маъносини билдириб каввара сўзи келган, саллани бошга ўрашда ҳам айнан шу сўз ишлатилади. Бу нарса ернинг шакли шарсимон, думалоқ бўлганидагина содир бўлиши мумкин. Ер ҳудди тўп каби думалоқ эмас, балки гео-сферикдир, яъни қутбларга томон яссилашиб боради. Қуйида келтириладиган оят ернинг асл шакли ҳақида маълумот беради: "Ва ундан сўнг ерни тухум шаклида қилди.” (Қуръон 79:30) Бу оятда тухум маъносини билдириб келган сўз арабчада даҳааҳаа бўлиб, бу аслида туяқушнинг тухумига нисбатан ишлатилади. Туяқушнинг тухуми ернинг гео-сферик шаклига ўхшайди. Шундай қилиб, ўша пайтларда ернинг ясси, деб ҳисоблаш кенг тарқалган тушунча бўлганига қарамай, Қуръон ернинг шаклини тўғри тасвирлаб бермоқда.
ОЙ НУРИНИНГ АКС ЭТТИРИЛГАН НУР ЭКАНИ
Дастлабки сивилизатсияларда, ой ўз нурига эга, деб таъкидланган. Бугунги кунга келиб эса, илм-фан ойнинг нури фақатгина қуёш нурининг акси эканини айтмоқда. Қуръон эса бу илмий фактни бундан 1400 йил олдин айтиб қўйган: "Осмонда буржлар қилган ва унда чироқ ва нур сочгувчи ой қилган Зот баракотли-буюк бўлди.” (Қуръон 25:61) Қуръондаги қуёшни билдирувчи арабча сўз шамс бўлиб, уни ифодалаб сирааж сўзи ишлатилган, бу "чироқ” маъносини билдиради, ёки "машъала” маъносидаги ваҳҳааж сўзи, ёки "зиё” маъносини билдирувчи дия сўзлари ишлатилади. Бу учала таърифнинг барчаси тўғри, зеро қуёш давомий иссиқлик ва ёруғликни ички ёнув орқали ҳосил қилади. Ойни англатувчи арабча сўз қамар бўлиб, Қуръонда уни тасвирлаб муниир сўзи келади, бу "нур таратувчи”, яъни "нурни акс эттирувчи”, деган маънони билдиради. Яна бир бор Қуръоний ифода ойнинг табиий ҳолатига тўлалигича мувофиқ келмоқда, яъни, ойнинг бевосита ўзи нур сочмаслиги, фақатгина қуёш нурини акс эттириши айтилмоқда. Қуръонда бирон жойда ойни ифодалаб сирааж, ваҳҳааж ёки дия сўзлари ёки қуёшни ифодалаб нур ёки муниир сўзлари келмаган. Бу шуни англатадики, Қуръонни нозил қилган Зот қуёш нури ҳамда ой нурининг бир-биридан фарқли эканини жуда яхши билган. Қуйидаги оятлар қуёш ва ойдан келаётган нурнинг моҳиятига оид: "У қуёшни зиё ва ойни нур қилган ... зотдир” (Қуръон 10:5) Ва яна бир оятда Аллоҳ таоло шундай дейди: "Аллоҳ етти осмонни қандоқ қилиб табақама-табақа яратиб қўйганини кўрмадингизми? Ва улар ичида ойни нур ва қуёшни чироқ қилиб қўйганини кўрмадингизми?” (Қуръон 71:15-16) Шундай қилиб, Қуръони Карим ва замонавий илм, қуёш нури ва ой нури ўртасидаги фарқ борасида ўзаро мувофиқ фикрда эканини билиб олдик.
ҚУЁШНИНГ АЙЛАНИШИ
Узоқ вақтлар европалик файласуфлар ва олимлар ерни оламнинг маркази ва бошқа барча жисмлар, шу жумладан қуёш ҳам, унинг атрофида айланади, деган фикрда бўлганлар. Ғарбда, оламнинг геосентрик маркази дея аталган ушбу тушунча эрамиздан олдинги иккинчи асрда яшаган Птоломей давридан бери ҳукмрон эди. 1512 йилда, Николай Коперник ўзининг гелиосентрик назариясини илгари сурди, унга кўра, қуёш ўз системаси марказида ҳаракатсиз туради ва бошқа планеталар унинг атрофида айланади. 1609 йилда, немис олими Ёҳан Кепплернинг "Янги Астрономиа” китоби нашр этилди. Ўзининг ушбу китобида у қуйидагича хулосасини билдирди, планеталар нафақат ўз эллиптик орбиталари бўйлаб қуёш атрофида, балки ўз ўқлари атрофида ҳам айланиб туради. Шу нарса маълум бўлгач, европалик олимлар учун қуёш системасидаги кўплаб ҳолатлар, шу жумладан, кеча ва кундузнинг кетма-кетлигини тўғри тушунтириб беришга йўл очилди. Шу кашфиётлардан сўнг, қуёш ўз жойидан силжимас, ер каби ўз ўқи атрофида айланмас сайёра, деб ҳисобланарди. Эсимда, мен бу нотўғри тушунчани, мактаб йилларим, география китобларидан ўқигандим. Қуръоннинг қуйидаги оятига эътибор беринг: "У кечаю кундузни, қуёшу ойни яратган зотдир. Ҳаммаси фалакда сузмоқдалар.” (Қуръон 21:33) Юқорида келтирилган оятда, "сузиш” маъносида, ясбаҳуун сўзи ишлатилган. Бу сабаҳа сўзидан олингаб бўлиб, киши ҳаракатининг турли кўринишларини билдиради. Агар бу сўзни текис жойда кетаётган кишига нисбатан ишлатилса, бу у кишинг думалаб кетаётганини англатмайди, балки, юриб ёки югуриб кетаётганини билдиради. Шу каби, агар бу сўзни сувдаги кишига нисбатан ишлатилса, бу уни сув оқизиб кетаётганини эмас, балки, унинг сузаётганини билдиради. Шунингдек, агар ясбаҳ сўзини қуёш каби осмон жисмларига нисбатан ишлатилса, бу нафақат ўша жисм фазода учиб кетаётганини билдиради, балки, фазода учиш асносида айланаётганини ҳам билдиради. Мактаб ўқув дарсликларининг аксарида, ҳозирга келиб, қуёш ўз ўқи атрофида айланиши борасидаги факт ҳам киритилган. Қуёшнинг ўз ўқи атрофида айланишини қуйидаги жиҳоз ёрдамида исботлаш мумкин; бу жиҳоз қуёшнинг тасвирларини ўзида акс эттириб, стол устига ўрнатилган бўлади, бунинг ёрдамида исталган киши қуёшнинг тасвирларини текшириб кўриш имконига эга бўлади. Кузатувлардан аниқланишича, қуёшда майда доғлар бўлиб, уларнинг бир марта айланиб чиқиш вақти 25 кунга тенг экан, яъни, қуёш тақрибан 25 кунда ўз ўқи атрофида тўла бир марта айланиб чиқаркан. Қуёш коинотда роппа-роса 240 км/сек тезлик билан ҳаракатланиб туради. У бу тезлик билан ўзимизнинг Сомон Йўли Галактикаси маркази атрофида бир марта айланиб чиқиши учун 200 миллион йил керак бўлади. "На қуёшнинг ойга етиб олмоғи дуруст бўлар ва на кеча кундуздан ўзиб кетар. Ҳар бири фалакда сузиб юрар.” (Қуръон 36:40) Бу оят ҳозирги замон астрономия илми яқиндагина кашф қилган муҳим бир факт ҳақида маълумот бермоқда, яъни, қуёш ва ойнинг ўз орбиталари мавжудлиги ҳамда уларнинг фазода ўз ҳаракатларига эга эканлари айтилмоқда. Қуёшнинг ўз системаси билан бирга "Белгиланган манзил” томон ҳаракат қилаётгани замонамиз астрономиясига яқиндагина аён бўлди, бу манзилга қуёш апекси деб ном берилди. Дарҳақиқат, қуёш системаси Геркулес номли юлдузлар тўдаси (алфа лира) да жойлашган аниқ бир ўрин томон фазода ҳаракат қилмоқда. Ушбу юлдузлар тўдасининг жойлашган ўрни бугунга келиб ҳисоблаб аниқланган. Ойнинг ўз ўқи атрофида бир марта айланиши учун кетган вақт ер атрофида бир марта тўла айланиб чиқиши учун кетадиган вақтга тенг бўлиб, бу таҳминан 29? кундан иборатдир. Қуръондаги оятларнинг илмий жиҳатдан қанчалик аниқ экани кишини ҳайратлантирмай қўймайди. Нега биз, Қуръондаги илмнинг манбаси нима, деган савол ҳақида чуқурроқ бир ўйлаб кўрмаймиз?!
ҚУЁШНИНГ БИР КУН КЕЛИБ СЎНИШИ
Қуёшдан келаётган ёруғлик унда 5 миллиард йилдан бери давомий суратда содир бўлаётган кимёвий реаксиялар туфайлидир. Келгусида, бир кун, албатта, бу ниҳоясига етади, ўшанда қуёш тўлалигича ўчади, сўнади, тугайди, натижада ер юзидаги барча тирик нарсалар ҳалок бўлади. Қуёшнинг боқий қолмаслиги ҳақида Қуръон айтади: "Қуёш ўз истиқрори учун жараён этар. Бу азизу ўта билгувчи зотнинг тақдир қилганидир.” (Қуръон 36:38) Бу оятда арабчада ишлатилган сўз мустақарр бўлиб, белгиланга макон ёки вақтни билдиради. Шундай қилиб, Қуръондаги хабарга кўра, қуёш олдиндан белгилаб қўйилган макон –ўз истиқрори томон муайян вақтгача жараён этади, ҳаракатда бўлади, яъни, бир кун келиб сўнади, ёки тугайди.
ЮЛДУЗЛАР АРО МАТЕРИЯНИНГ МАВЖУДЛИГИ
Илгарилари, астрономик системалардан ташқаридаги фазо вакуум деб ҳисобланарди. Кейинчалик, астрофизиклар юлдузлар аро материялардан иборат кўприклар мавжудлигини кашф қилишди. Бу кўприк материялар плазмалар деб аталиб, улар тўла ион ҳолидаги газдан таркиб топган. Ундаги газ эса тенг миқдордаги эркин электронлар ва позитив ионлардан иборатдир. Плазма материянинг тўртинчи ҳолати (бизга маълум бўлган уч ҳолат: қаттиқ, суюқ ва газ ҳолатларидан ташқари) деб ҳам аталади. Қуйидаги оятда Қуръон бизга юлдузлар аро материянинг мавжудлиги ҳақида хабар беради: "У осмонлару ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни… яратган…зотдир” (Қуръон 25:59) 1400 йил илгари юлдузлар аро материя мавжуд экани маълум нарса эди, дейишнинг ўзи кулгилидир!
КОИНОТНИНГ КЕНГАЙИБ БОРИШИ
1925 йилда америкалик астроном Эдвин Ҳабл кузатув ишлари давомида шунга гувоҳ бўлдики, барча галактикалар бир-бирларидан тобора узоқлашиб бормоқда, яъни коинот кенгаймоқда. Бугунга келиб эса, коинотнинг кенгайиши илмий исботланган фактга айланди. Қуръон эса бу ҳолатни қуйидагича ифодалаган: "Осмонни Ўз қудратимиз ила бино қилдик. Албатта, Биз кенг қилувчимиз.” (Қуръон 51:47) Арабча мусиуун сўзи "бирон нарсани кенгайтириш” деб таржима қилиниши мумкин, яъни, бу коинотнинг кенгайиб боришига далолат қилади. Атоқли астрофизиклардан бири бўлмиш Стефен Ҳовкинг ўзининг "Вақтнинг Қисқача Тарихи” китобида айтади, "Коинот кенгайиб боришининг кашф этилиши ХХ асрнинг буюк интеллектуал инқилобларидан бири бўлди.” Қуръон эса, инсоният телескоп ясашни ўрганмасидан илгари, коинотнинг кенгайиб боришини айтиб қўйибди. Кимдир айтиши мумкин, Қуръонда астрономиага оид фактларнинг келишининг ажабланарли жойи йўқ, чунки Араблар астрономия соҳасида илғор эдилар. Уларнинг Арабларни астрономия борасида етакчи бўлганларини эътироф этишларига қаршилигимиз йўқ, лекин, Қуръон Арабларнинг фалакиёт илмида етакчи бўлиб олишларидан бир неча аср илгари нозил бўлганини улар эсдан чиқарган кўринишади. Унинг устига, юқорида эслатиб ўтилган, оламнинг яратилиши борасидаги Улкан Портлаш ҳодисаси ва бошқа бир қатор илмий фактлар, Арабларга, илмда юксак чўққиларга чиққан пайтларида ҳам, маълум бўлмаган. Шундай экан, Қуръонда келган илмий фактлар Арабларнинг астрономия соҳасидаги эришган ютуқлари сабабидан эмасдир. Аксинча, уларнинг астрономия, яъни фалакиёт соҳасида шундай етакчи бўлганликлари, астрономия Қуръонда ўз ўрнига эга бўлганидандир.
ФИЗИКА
АТОМЛАР ҲАМ БЎЛИНАДИ
Қадимги даврларда, "атомизм назарияси” деган тушунча кенг тарқалган эди. Бу назария Греклар, аниқроғи, бундан 23 аср илгари яшаган Демокрит исмли олим, томонидан илгари сурилган. Демокрит ундан кейин яшаб ўтган олимлар материянинг энг кичик бўлаги атом деб ҳисоблаб келишган. Қадимги Араблар ҳам шу фикрда бўлишган. Арабча зарра сўзи, одатда, атом маъносини билдиради. Яқин ўтмишда, замонавий илм-фан, ҳатто, атом ҳам бўлиниши мумкинлигини кашф этди. Атомнинг янада майдароқ бўлакларга ажралишининг аниқлангани ХХ аср муваффақияти, деб ҳисобланди. Ўн тўрт аср илгари, бу тушунча, ҳаттоки, оддий араб кишиси учун ҳам ғайриоддий эди. У учун зарра дан пастроқ даражани тасаввур қилишнинг ўзи бўлмасди. Шундай бўлсада, қуйидаги Қуръоний оят бу чекловни рад этарди: "Куфр келтирганлар:«Бизга (қиёмат) соати келмас», дедилар. Сен: «Йўқ! Ғойибни билгувчи Роббим ила қасамки, у сизларга албатта келур. У зотдан осмонлару ердаги зарра вазнича, ундан кичик нарса ҳам, катта нарса ҳам ғойиб бўлмас. Илло, ҳаммаси очиқ китобдадир», деб айт.” (Қуръон 34:3 ) Бу оят ҳам Худонинг шомил, мукаммал илмига далолат қилади, Унинг ҳамма нарсани, яширин-у ошкора бўлсин, барчасини билиб туришини англатади. Бу оят яна айтадики, Худо барча нарсадан, жумладан, атом (зарра)дан кичикроқ ёки каттароқ нарсалардан ҳам хабардордир. Шундай қилиб, ушбу оят, атомдан кичикроқ нарсалар ҳам мавжуд эканини очиқ айтмоқда. Замонавий илм эса бу фактни, фақатгина, яқин ўтмишда кашф қилди.
ГИДРОЛОГИЯ
СУВНИНГ АЙЛАНИШИ (СУВ ЦИКЛИ)
1580 йилда, Бернард Палисси, бугунги кунимизда "сувнинг айланиши” деб аталувчи ҳодисанинг моҳиятини тушунтириб берган биринчи киши бўлди. У океанлардаги сувнинг буғланишидан тортиб, кейинчалик совиб булутлар ҳосил қилишигача бўлган жараённи ўрганди. Булутлар қуруқликнинг ички қисми томон ҳаракатланади, у ерда суюқликка айланади ва ёмғир бўлиб ёғади. Бундан кўллар ва жилғалар ҳосил бўлиб, кейинчалик яна океанларга қайта оқиб боради, бу ҳодиса давомий суратда содир бўиб туради. Милоддан аввалги ВИИ асрда яшаган Фалес Милетский океанлар сиртидаги сувни шамол учириб кетиб, булутлар ҳосил қилади ва улардан ёмғир ёғади, деб ишонган. Даставвал, инсонлар ер ости сувларининг манбаъси нима эканини билмаганлар. Улар, океанлардаги сувлар, шамоллар таъсирида, континентларнинг ички тарафларигача етиб боради, деб ўйлашган. Улар яна, сирли йўл ёки туйнук орқали сув ўз изига қайтади, деб ишонишган. Бу йўлак океанлар билан туташ бўлиб, Платон вақтларидан бери, "Тартар” (грекча –ер ости олами) деб аталади. Ҳаттоки, ўнсаккизинчи аср мутафаккирларидан бўлган Рене Декарт ҳам бу фикрга қўшилган. Ўн тўққизинчи асрда, Аристотелнинг бу борадаги назарияси ҳануз етакчи эди, унга кўра, совуқ тоғлардаги тубсиз ғорларда булутлар сувга айланиб, булоқлар манбаъси бўлмиш –ер ости кўлларини ҳосил қилган. Бугунга келиб бизга маълум бўлдики, ердаги ёриқлардан сизиб ўтиб йиғилиб қолган ёмғир сувлари бунинг жавоби экан. Қуръонда бу нарса қуйидагича тасвирланади: "Аллоҳ осмондан сув тушириб, уни ердаги манбаълардан юритиб қўйганини кўрмадингми?! Сўнгра у ила турли рангдаги экинларни чиқарур.” (Қуръон 39:21) "Ва осмондан сувни нозил қилади-да, у билан ерни ўлгандан кейин тирилтиради. Албатта, бунда ақл юратадиган қавм учун оят-белгилар бордир.” (Қуръон 30:24) "Биз осмондан ўлчов ила сув тушириб, уни ерга жойлаштирдик. Албатта, Биз уни кетказишга ҳам қодирдирмиз”. (Қуръон 23:18) 1400 йил илгари ёзилган ҳеч бир манбаъ сувнинг айланиши ҳақида бунақанги дақиқ маълумот берган эмас.
БУҒЛАНИШ
"Қайтувчи (ёмғир) соҳиби бўлган осмон билан қасам.” (Қуръон 86:11)
ШАМОЛЛАРНИНГ БУЛУТЛАРНИ УРЧИТИШИ
"Биз шамолларни урчитувчилар этиб юбордик. Бас, осмондан сув тушириб, у ила сизларни сероб қилдик.” (Қуръон 15:22) Бу оятда келган лаваақиҳ сўзи лақиҳ сўзининг кўплик шакли бўлиб, лақаҳа сўзидан олинган, ўзи урчитиш ёки ҳосилдор қилиш маъноларини билдиради. Бу ерда, шамол булутларни бир-бирига яқинлаштиради ва конденсатсия юз беради, натижада чақмоқ чақиб ёмғир ёғишига сабаб бўлади, шу нарса урчитиш сўзи билан ифодаланмоқда. Қуръоннинг қуйидаги оятида ҳам шунга ўхшаш ҳолат тасвирланади: "Аллоҳ булутларни ҳайдашини, сўнгра бирга тўплашини, сўнгра уйиб қўйишини кўрмаяпсанми?! Бас, унинг орасидан ёмғир чиқаётганини кўрурсан. У зот осмондан, ундаги тоғлардан дўл тушириб, у билан Ўзи хоҳлаган кишиларга мусибат етказур ва уни Ўзи хоҳлаган кишилардан буриб юборур. Унинг чақмоғининг ярқираши кўзларни кетказгудек бўлур.” (Қуръон 24:43) "Аллоҳ шундай зотки, шамолларни юбориб, улар ила булутни қўзғатар ва у (булут)ни осмонда Ўзи хоҳлаганича ёяр ва бўлак-бўлак қилар, бас, унинг орасидан ёмғир чиқаётганини кўрасан. Қачон у(ёмғир)ни Ўз бандаларидан хоҳлаган кимсаларга етказса, улар дарҳол шод бўлурлар.” (Қуръон 30:48) Гидрология борасидаги ҳозирги замон маълумотлари Қуръонда шу мавзуга таъаллуқли оятлар билан тўлалигича мувофиқ келади. Сувнинг айланиши Қуръони Каримнинг бошқа бир қатор ўринларида ҳам тасвирланган, жумладан, 7:57, 13:17, 25:48-49, 35:9, 36:34, 45:5, 50:9-11, 56:68-70 ва 67:30.
ГЕОЛОГИЯ
ТОҒЛАР ЧОДИРЛАРНИНГ ҚОЗИҒИ КАБИДИР
Геологиядаги "қатламланиш” ҳодисаси яқинда кашф этилган фактдир. Бу ҳодиса тоғларнинг қатламлари шаклланишини таъминлайди. Биз устида яшаб турганимиз, ер пўстлоғи, қаттиқ қобиққа ўхшайди, ер ичига чуқурроқ кириб борган сари, ҳарорат ошиб ва моддалар суюқлашиб боради ва кейинчалик тирик нарсадан асар ҳам қолмайди. Маълумки, тоғларнинг бундай субут ила барқарор туришларининг сабаби қатламланиш ҳодисаси билаб боғлиқдир. Ўша қатламлар тоғларнинг асосини ташкил этувчи релъефларни ҳосил қилади. Геологларнинг бизга айтишларича, ернинг радиуси 6035 км бўлиб, биз яшайдиган қисм –ер пўстлоғининг қалинлиги бор йўғи 2-35 км. Модомики, ер қобиғи шундай юпқа бўларкан, унинг қимирлаб туриш эҳтимоллиги юқори бўлади. Бу вазиятда, тоғлар, ҳудди чодирларни маҳкамлаб турувчи қозиқлар каби, ернинг пўстлоқ қисми барқарорлигини таъминлайди. Қуръон ҳам бу ҳолатни айнан шундай таъриифлайди: "Ерни тўшаб қўймадикми? Ва тоғларни қозиқ (қилиб қўймадикми?).” (Қуръон 78:6-7) Оятда келган автаад сўзи тиргаклар ёки қозиқлар деган маънони билдиради (чодирни тиргаш учун ишлатилган қозиқлар каби). Булар геологик қатламларнинг энг чуқур асосларини ташкил этади. "Ер” номли китоб геология соҳасида дунёнинг кўплаб университетларида асосий қўлланма бўлиб келган. Доктор Френк Пресс ушбу китобнинг муаллифларидан бири ҳисобланади, у ўз вақтида АҚШ Фанлар Академияси Президенти лавозимида 12 йил ишлаган ҳамда Қўшма Штатлар собиқ Президенти Жимми Картернинг Фан ишлари бўйича маслаҳатчиси бўлган. У ушбу китобда, тоғларни тасвирлашда понасимон шаклни иллустратсия қилиб келтиради, бу иллустратсияда тоғнинг ўзи бутун расмнинг кичик бир қисминигина ташкил қилади, катта ва асосий қисми эса, ерга чуқур кириб борувчи илдиздан иборат. Доктор Прессга кўра, ер пўстлоғини барқарорлигини таъминлашда тоғлар юқори аҳамиятга эгадир. Қуръон тоғларнинг вазифаси ер қимирлашини олдини олишдан иборат эканини қуйидаги оятда очиқ-ойдин айтади: "Биз ерда уларни тебранмасликлари учун тоғлар қилдик.” (Қуръон 21:31) Қуръон бераётган таъриф замонамизнинг геологик маълумотлари билан тўлалигича мувофиқ келмоқда.
ТОҒЛАРНИНГ МУСТАҲКАМ ҚИЛИБ ЎРНАТИЛГАНЛИГИ
Ер юзаси қалинлиги 100 км лар атрофида бўлган кўплаб қаттиқ пластинкаларга бўлинади. Бу пластинкалар яримсуюқ ҳолатдаги астеносфера қатламида оқиб юради. Пластинкалар туташган жойларда эса, тоғлар ҳосил бўлади. Ер пўстлоғи океанлар остида 5 км, континентлар остида 35 км ва улкан тоғ тизимлари остида 80 км қалинликда бўлади. Мана шулар тоғларнинг мустаҳкам пойдеворлари ҳисобланади. Қуйидаги оятда Қуръон тоғларнинг ўша мустаҳкам пойдеворлари ҳақида хабар беради: "Ва тоғларни собит қилди.” (Қуръон 79:32) Шундай қилиб, Қуръони Каримдаги тоғлар ҳақидаги маълумотлар геологиядаги замонавий кашфиётлар билан тўла мувофиқ келмоқда.
|